• sayt xaritasi
  • pochta
  • bugun : 20.11.2018 | 19:
Ўтган кун давомида (2018 йил 19-ноябр) 32 та авария ҳолати бартараф қилинди: Қорақалпоғистон Республикаси бўйича – 3 (ССТ), Тошкент шах. – 5 (ССТ – 1, ИСТ – 4), Бухоро вил. – 2 (ССТ – 1, ИСТ – 1), Қашқадарё вил. – 4 (ССТ – 1, К – 3), Наманган вил. – 3 (ССТ), Самарканд вил. – 1 (ССТ), Сурхандарё вил. – 3 (ССТ – 2, К – 1), Сирдарё вил. – 3 (ССТ), Фаргона вил. – 7 (ССТ – 4, К – 3), Хоразм вил. – 1 (ССТ).
 24.10.2018 | manba: Axborot xizmari |  |

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди

2018 йил 23 октябрь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан “Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, 2018 йил ва келгуси йилларда ичимлик сув таъминоти, канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича режалаштирилган лойиҳалар” мавзусида Матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари Хайдаров Тахир Абиджанович ва вазирлик масъул ходимлари кейинги йилларда Ўзбекистонда аҳолини, айниқса қишлоқ жойлардаги аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш, жумладан ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар ва келгуси йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилаётган дастур ва лойиҳалар тўғрисида маълумотлар беришди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2910-сон қарорига асосан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ғоят муҳим дастурлар ва лойиҳалар натижасида республикамизнинг шаҳар ва туманларда, шу жумладан, қишлоқ жойларда аҳолини сув таъминоти ҳолатини яхшилашга эришилди.

Бугунги кунда республикадаги 32,6 млн. аҳолидан 21,35 млн. 65,5% аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 11,3 млн. аҳоли алтернатив ичимлик сув манбаларидан фойдаланиб келмоқда.

Сув ишлаб чиқариш амалда суткасига 6 057 минг метр кубдан
(2017 йилда), 2018 йилда 6 226 минг метр кубга оширилган, бу эса қўшимча
169 минг метр кубни (2,7%) ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “2018 йил инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3507-сонли қарорларига асосан Молия вазирлиги қошидаги “Тоза ичимлик суви” жамғармаси ҳисобидан 482,4 млрд. сўм ва Давлатимиз Раҳбарининг худудларга ташрифлари давомида берилган қўшимча топшириқлари асосида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 августдаги 700-сонли қарорига мувофиқ 275,9 млрд. сўм (жами 758,3 млрд. сўм) маблағлар ажратилди.

Ажратилган маблағлар доирасида 319 та объектларда 1 551,1 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 232 та ичимлик ва оқава сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши белгиланган бўлиб, шундан 298 та объектлар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Ушбу ишларни амалга ошириш натижасида Республика худудларида яшовчи 450 мингдан ортиқ аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда. Қолган 21 та объект йилдан-йилга ўтувчи объект ҳисобланади.

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига Инвестиция дастури бўйича 257,8 млрд сўм маблағлар ўзлаштирилган, ушбу маблағлар ҳисобига 492,1 км ичимлик ва оқава сув тармоқлари, 106 та сув олиш қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Шу билан бирга 74 та трансформатор, 78 та босимли сув минораси ва 81 та насос ускуналари ўрнатилди.

Бугунги кунда, республикамиз бўйича 87та объектларда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб фойдаланишга топшириш арафасида, қолган 116та объектларда ишлар жадал давом эттирилмоқда ва фойдаланишга топширилиши жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларига режалаштирилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига қўшимча ажратилган маблағлар ҳисобидан 77,2 млрд сўм маблағлар ўзлаштирилган. Ушбу маблағлар ҳисобига 103,6 км ичимлик сув тармоғи ётқизилиб, 57 та ичимлик сув иншоотларида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Шу жумладан:

Бир неча йиллардан буён ичимлик сув таъминотидан азият чекиб келаётган Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани аҳолисини сув таъминлаш мақсадида 2018 йилда “Оқсув сув олиш иншооти ва Оқсув-Деҳқонобод сув қувурини қуриш” лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари бошланди. Лойиҳа доирасида 77 км магистрал сув қувури ва қуввати 9 минг м3/сутка галерея усулида “Оқсув” сув олиш иншооти қурилиши кўзда тутилган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида туманнинг 135 мингга яқин аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш имконияти вужудга келади.

Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол, Ш.Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳрини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қуввати 100 минг м3/сутка сув олиш ва сув тозалаш иншооти ҳамда диаметри 500-1200 мм узунлиги 182 км бўлган “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш” лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари бошланди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида туманнинг 450 мингдан ортиқ аҳолиси узлуксиз ичимлик суви билан таъминланади.

2019 йилга устувор вазифалар.

Республика ҳудудларида ичимлик сув таъминоти ва оқова хизмати бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, Республика ҳудудларига ташрифлари давомида берган топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорлар, фармойишларга ва “йўл хариталари”га киритилган лойиҳалардан дастлабки шакллантирилган Дастурларга асосан 2019 йилда жами 234 та лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 1,1 трл. сўм маблағ талаб этилмоқда.

Шу билан бирга, соҳага чет эл инвестицияларни жалб этмай, айниқса, ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимларини қуриш реконструкция ва модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда чет эл сармояси иштирокини кенгайтирмай туриб, ичимлик сув таъминоти инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларни ҳал этиб бўлмайди.

Бугунги кунда Осиё Тараққиёт Банки, Жаҳон Банки, Ислом Тараққиёт Банки, Араб Мувофиқлаштириш гуруҳига кирувчи Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК жамғармаларининг жами 600,1 млн.долл. миқдоридаги инвестициялари ҳисобидан 8 та йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Осий Тараққиёт Банки маблағлари хисобидан:

“Джизак шаҳар оқава сув тизимини реконструкция қилиш” лойиҳаси (2016 – 2020 йиллар);

“Фарғона ва Марғилон шаҳарларининг оқава сув тизимини реконструкция қилиш” лойиҳаси (2014 – 2018 йиллар);

“Тошкент вилояти Чиноз, Зангиота, Тошкент ва Янгийўл туманлари аҳоли пунктлари ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, сув иншоотларини реконструкция қилиш” лойиҳаси (2017 – 2021 йиллар).

Жахон банки маблағлари хисобидан:

“Бухоро ва Самарканд шаҳарлари канализация тизимларини куриш ва реконструкция қилиш” лойиҳаси (2016-2019 йиллар);

“Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туман марказлари хамда аҳоли пунктларининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш” – лойиҳаси (2011-2019 йиллар);

«Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари ичимлик суви таъминотини яхшилаш» - лойиҳаси (2013-2019 йиллар).

Араб Мувофиқлаштириш гуруҳига кирувчи Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

“Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларининг канализация тизимини реконструкциялаш ва ривожлантириш” лойиҳаси (2017-2021 йиллар);

“Самарканд вилоятининг Қўшрабод тумани ичимлик суви таъминотини яхшилаш” лойиҳаси (2016-2018 йиллар).

Соҳага инвестицияларни жалб этиш мақсадида 2019 йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича Халқаро молия институтлар билан кенг кўламли ҳамкорлик борасида ишлар давом эттирилмоқда.

Жумладан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тараққиёт ва тикланиш банки, Франция ривожланиш агентлиги, Саудия тараққиёт фонди ва ОПЕК фонди маблағлари ҳисобидан 2019 йилда ичимлик сув таъминоти, оқава хизмати таъминоти тизимлари бўйича жами 15 та лойиҳалар (бундан янги 7 та лойиҳа) амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳалар доирасида 2019 йилда 99,17 млн. долл. миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилиши кўзда тутилмоқда.

Ушбу муҳим ҳаётий вазифаларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод бўлиши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалишига хизмат қилади.

Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига вазирлик ходимлари томонидан атрофлича жавоб берилди.